Италиянинг Неаполь шаҳрида қизғин тарзда давом этаётган Бутунжаҳон талабалар универсиадаси дастуридан ўрин олган теннис ўйинлари поёнига етди.

Нуфузли мусобақада Ватанимиз шаъни ва довруғи учун баҳсларга киришган Наманган давлат университети талабаси Ҳумоюн Султонов “Кичик Олимпида”нинг ғолиблари қаторидан ўрин эгаллашга муяссар бўлди.

Ёш умидли теннисчимиз эркаклар ўртасидаги яккалик ва жуфтлик беллашувларида юқори кўрсаткичга эришиб, медалларни қўлга киритди. Бу натижа Ўзбекистоннинг Универсиада ўйинлари тарихидаги теннис бўйича илк совринлар сифатида қайд этилди.

Аввал хабар берганимиздек, Ҳумоюн мусобақанинг дастлабки учрашувларида Ясита Рангана (Шри-Ланка), Даниэль Родригес (Португалия)  ва Менелаос Эфстатиу (Кипр) устидан ғолиб чиқди, чорак финалда америкалик Кееган Жамес Смитни ва ярим финалда франциялик Лукас Поуллаинни 6:0, 6:3 ҳисобида енгиб, финалга йўл олди.

Ҳал қилувчи финал учрашувида Хитой Тайпейи вакили Тсенг Чун-Хсинга қарши кортга чиққан Ҳумоюн биринчи сетда тай-брейкда ғалаба қозонган бўлса, иккинчи ва учинчи сетларда рақибига ютқазиб қўйди ҳамда терма жамоамиз ғазнасини кумуш медали билан бойитди.

Шу йил 12 июль куни Санжар Файзиев билан тандем ҳосил қилган Султонов жуфтлик мусобақанинг олтин медалига эга чиқди.

Санжар Файзиев/Ҳумоюн Султонов “дуэти” 2 соату 32 дақиқа давом этган финал учрашувида Жанубий Корея вакиллари Сеочанг Хонг ва Санхуи Шин тандеми устидан 7:5, 4:6, 10:5 ҳисобида зафар қучиб, Бутунжаҳон Универсиада ўйинлари ғолиблиги ва олтин медалларини қўлга киритишди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистоннинг 5-рақамли ракеткаси саналган иқтидорли теннисчимиз Ҳумоюн Султонов айни кезда жаҳон рейтингида 380-ўринни эгаллаб турибди. Кўҳна қитъа кортларида эришилган улкан ғалаба эса унинг дунё таснифидаги мавқеини янада ошишига хизмат қилиши шубҳасиз!

Бутунжаҳон Универсиада ўйинларидаги ғалабалар муборак, Ҳумоюн!

Маъмуржон Эргашев,

Наманган муҳандислик-технология институти талабаси.

© namangan24.uz

Янгиликлар

--> -->