Наманган вилоятида курашнинг тарихи ва ривожи ҳақида гап кетганда биринчи навбатда Тўрақўрғон тилга олинади. Бу бежиз эмас, албатта. Бу замин азалдан ўзининг кураги ерга тегмай, вилоят, республика, қитъа ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларда юқори натижаларга эришган полвонлари билан машҳур бўлган. Улардан бири Тўйчибой Сиддиқовдир. У ўтган асрнинг иккинчи ярмида бутун Марказий Осиёда таниқли курашчилардан бири саналган. Шунинг учун бугунги кунда кўплаб ёшлар унинг изидан бориб, миллий, юнон-рим, белбоғли кураш, дзюдо, самбо каби спорт турлари билан шуғулланмоқда.

- Тўрақўрғондаги болалар-ўсмирлар спорт мактабида бугунги кунда уч мингга яқин ўғил-қиз таълим олмоқда. Улар орасида белбоғли курашга меҳр қўйган ёшлар ҳам кўп. Мактабдан кейинги йилларда мазкур спорт тури бўйича жуда кўп чемпионлар етишиб чиқмоқда. Боз устига бу ерда нафақат тажрибали мураббийлар, балки малакали ҳакамлар ҳам етарли. Моддий-техник негиз ҳам юқори даражадаки, мактабнинг спорт иншоотларида мамлакат миқёсидаги мусобақаларни ҳам бемалол ўтказиш мумкин, - дейди Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси Наманган вилояти кенгаши раиси Исроил Жўраев. - Айнан мана шу шарт-шароитлардан келиб чиқиб, белбоғли кураш бўйича “Адолат” кубогининг вилоят босқичини Тўрақўрғонда  ташкил этиш мақсадга мувофиқ деб топилди. Ушбу беллашувларда шаҳар ва туманларда ўтказилган маҳаллий босқичларнинг ғолиблари қатнашдилар. Уларнинг гиламда олиб борган баҳслари вилоятда  спортнинг белбоғли кураш турини янада оммалаштириш, иқтидорли полвонларни саралаш ва рағбатлантириш борасида бирмунча ишлар амалга оширилаётганидан далолатдир.

Шундай қилиб, мазкур болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори, белбоғли кураш бўйича халқаро тоифадаги ҳакам, мусобақа бош ҳаками  Неъматулла Тўйчиевнинг ишораси билан ёш спортчилар ўзаро баҳсларга киришдилар. Наманган шаҳри ва тўққизта туман жамоаси вакиллари ғолиблик учун астойдил ҳаракат қилдилар. Ҳар бир вазн тоифасида навқирон полвонлар ўртасидаги беллашувлар ўзининг муросасизлиги ва кескинлиги билан ажралиб турди. Шуни айтиш керакки, дастлабки саралаш учрашувларидан кейиноқ мезбонлар рақибларига қараганда ҳар жиҳатдан устун эканликларини кўрсатдилар.

Тўрақўрғон тумани шарафини ҳимоя қилган ёш курашчиларнинг барчаси финал йўлланмасини қўлга киритганлигига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Нафақат мутахассислар, балки биз каби томошабин ва мухлислар ҳам бу йигитларнинг маҳоратига, техник ва тактик тайёргарлигига юқори баҳо бердик. Финал баҳсларида айнан улар ғолиб чиқиша башорат ҳам қилинди.

Амалда эса бироз бошқача бўлди, яъни тўрақўрғонликларнинг рақиблари ҳам ўзларининг анойи эмасликларини кўрсатдилар. Мезбонлардан уч киши - Жаҳонгир Ҳайитов, Беҳзод Раҳматуллаев, Зиёдулла Турсунбоев шоҳсупанинг биринчи поғонасини эгалладилар. Абдулаҳад Носиров (Уйчи), Жамшид Ортиқалиев (Наманган шаҳри) ва Шоҳруҳ Раҳимов (Поп) ҳам худди шундай муваффақиятга эришдилар. Умумжамоа ҳисобида биринчи ўрин эса Тўрақўрғон тумани вакилларига насиб этди. Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Энди улар вилоят шарафини республика босқичида ҳамоя қиладилар.

Нурбек Абдуллаев,

Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби.

© namangan24.uz

 

--> -->