Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси ташаббуси билан Парижда Наманган вилоятидаги йирик текстил корхоналарининг тақдимоти ўтказилди.

Мамлакатимизнинг мазкур давлатдаги элчихонаси биносида ташкил этилган тадбирда вилоятдаги уч корхона – “Истиқлол текстил дизайн”, “Текстил либос” масъулияти чекланган жамиятлари ҳамда “Чуст текстил” хусусий корхонаси ўз маҳсулотларини намойиш қилдилар.

Тақдимот аввалида бугунги кунда Наманган вилояти брендига айланган текстил саноатининг салоҳияти хусусида батафсил маълумот берилди.

Бу ерга ташриф буюрган Франциянинг бир қатор савдо ва ишлаб чиқариш компаниялари, Париж мода академияси вакиллари кўргазмага қўйилган маҳсулотлар билан яқиндан танишдилар. Уларни, айниқса, Наманганда тикилаётган эркаклар костюм-шимлари ва бошқа трикотаж маҳсулотлари бежиримлиги билан қизиқтириб қўйди.

-  Франция-Наманган иқтисодий муносабатлари ўрнатилганига кўп бўлгани йўқ, шунга қарамай жорий йилнинг ўтган даврида 580 минг АҚШ доллари атрофида товар айланмаси амалга оширилди, - дейди Наманган вилояти инвестициялар ва савдо бошқармаси бош мутахассиси Асрорбек Ҳайдаров. – Мазкур давлатга биринчилар қаторида экспорт амалиётини йўлга қўйган “Чуст текстил” хусусий корхонаси ўтган ойда 105 миллион 400 минг доллар қийматдаги трикотаж маҳсулотларини ўз ҳамкорларига юборди. Чустлик трикотажчилар йил охирига қадар бу кўрсаткични 600 минг долларга етказиш бўйича шартнома имзолаган.

Тақдимот жараёнида Франция компаниялари Наманган текстил корхоналари билан савдо-иқтисодий алоқаларини янада кенгайтириш юзасидан таклифларини билдирдилар.

Қудратилла Нажмиддинов,

журналист.

© namangan24.uz

--> -->