Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Шокиржонович Абдураззоқов бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Покистон Ислом Республикасига келди.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига Наманган шаҳар ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар берди.

Делегация таркибидан Наманган шаҳар ҳокимлиги, тадбиркор-ишбилармон доиралар вакиллари ва Наманган муҳандислик-технология институтининг профессор-ўқитувчилари вакиллари ўрин олишган.

Ўзбекистоннинг Покистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сиддиқовнинг таклифига биноан амалга оширилаётган сафар давомида делегация Панжоб вилоятининг Лаҳор ва Файсалобод шаҳарларида бўлади. Улар билан “Биродарлашган шаҳар” мақомини ўрнатиш, Наманганнинг экспорт салоҳиятини тарғиб қилиш, ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий битимлар ишлаб чиқиш, маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни кенгайтириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, ташриф мобайнида Наманган муҳандислик-технология институти ва Файсалободдаги Покистон миллий енгил саноат университети билан ҳамкорлик келишуви имзоланиши режалаштирилган. Институтда келгусида Покистон билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тикувчилик (текстиль) маҳсулотларини жаҳон стандартлари даражасида синовдан ўтказиш ва сертификациялаш лабораториясини ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Панжоб вилоятига сафарнинг дастлабки кунида Ўзбекистон ва Покистон давлатлари ишбилармонлари ўртасида учрашув ва музокаралар бўлиб ўтди.

Маълумот ўрнида, Панжоб вилоятида 110 миллион киши, бошқача айтганда Покистон аҳолисининг 50 фоизидан ортиғи истиқомат қилади.

© namangan24.uz

--> -->