Шу йилнинг 7-8 июнь кунлари дунё бизнес ҳамжамияти эътиборида бўлган “Doing Business with Namangan-2019” Халқаро инвестиция форуми  вилоятнинг туризм ва бизнес салоҳиятини тўлақонли намоён этди ва бунинг самаралари тез орада ўз натижасини бериши шубҳасиз.

Йирик бизнес тадбири доирасида “Паҳлавон” спорт мажмуасида Наманган вилояти ишлаб чиқарувчиларининг миллий кўргазмаси, янги инвестиция лойиҳалари тақдимоти, “B2G” ва “B2B” форматдаги учрашувлар ҳамда хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пресс-брифинг кўнгилдагидек якунланди.

Нуфузли форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят раҳбари Хайрулло Бозоров Наманганда бизнес учун барча шароитлар яратилишини алоҳида таъкидлади. - Таъбир жоиз бўлса, чет эллар билан алоқаларимиздаги узоқ йиллик музликлар эриб, бир-биримизга ишонч мустаҳкамланди, ўзаро ҳамкорлик шиддат билан кенгаймоқда, - деди Хайрулла Бозоров. - Натижада Наманган вилоятида 169 та қўшма корхона муваффақият билан ишламоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, айрим иштирокчиларни тадбир ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

Юрий Макаренков,

Россиянинг “Химпром групп” холдинг компанияси бош директори:

- Наманганга аввал ҳам келганман, кўп тасаввурга эгаман. Лекин бу сафаргиси эсда қоларли бўлди. Чунки бундай кенг миқёсли тадбир менга жуда ёқди. Айтмасам бўлмас, номи “субҳон” деган қантдек ўрикнинг таъми оғзимда қолди. Вилоятингиз раҳбари тўғри қайд этди, яъни Наманганнинг гилос ва ўриклари Англиянинг ва Ҳиндистон пойтахтларининг супермаркетларидан муносиб ўрин эгаллабди.

Умуман, гўшт маҳсулотларининг ҳам сифати намунали экан. Шундай маҳсулотлар Россияда ҳам бўлишини хоҳлайман ва мазкур йўналиш бўйича ҳамкорликда ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман.

Катерина Баламоти,

Грециянинг “Heritage” ёдгорликларни бошқариш бўйича нодавлат ташкилотининг лойиҳавий координатори:

- Ўзбекистонга, Наманганга биринчи марта ташриф буюришим. Чиройли шаҳар экан. Айниқса, ранго-ранг очилган гулларидан завқландим. Яқинда Халқаро гуллар фестивали нишонланган боғга ҳам бордик, атрофга ёқимли ис таралган. Асосийси, одамларингизнинг самимийлиги, кулиб туриши, аёлларнинг чиройли либосларда меҳмонга ҳурмат юзасидан қўлини кўксига қўйиб туриши, йигитларнинг миллий кийимда шўх куй чалиб, кутиб олишларидан мамнун бўлдим. Бу ўзига хос ёрқин ва ноёб белги.

Наманганнинг Фарғона водийсида жойлашганини географиядан яхши билардим, мана, бугун кўзим билан кўриб турибман. Амир Темур ва Туркистон ҳақида кўп эшитганман. Юртингиз шонли тарихи ва қадимийлиги билан бойдир.

Мен Ўзбекистондаги маданий ёдгорликларни астойдил ўрганиш, тарғиб қилиш ва шу соҳа масъул ходимларининг малакасини ошириш бўйича дастурим билан қатнашяпман. Хусусан, мамлакатингиздаги музейларда фаолият кўрсатувчи етакчи кадрларнинг салоҳиятини янада юксалтириш, қайта тайёрлаш юзасидан таклиф билан чиққанман. Ихтисослашган мустақил ташкилотимизнинг Грециядан ташқари Эрон ва Танзанияда ҳам филиаллари бор.

Эсфандияр Батмангелидж,

лондонлик инвестор, лойиҳа асосчиси ва ношир:

- Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг кўргазмага қўйган маҳсулотларини зўр қизиқиш билан томоша қилдим. Бу ердаги хилма-хиллик орасида озиқ-овқат, тўқимачилик, ҳунармандчиликдан то ҳатто оғир саноатгача бор экан.

Мен Наманганда бунчалик даражада юқори сифатли буюмлар ишлаб чиқарилади, деб ўйламагандим. Расталардаги турли-туман маҳсулотлар замонавий технологиялар воситасида тайёрланишига гувоҳ бўлдим. Хусусий сектор субъектларига борганимизда бунга яна бир карра амин бўлдим. Сизларда экспортга имконият, эътибор рағбатлантирувчи экан.

Наманганда туризм ва ишлаб чиқаришга доир лойиҳамни амалга оширишни қатъий режа қилиб қўйдим.

Дарвоқе, ҳудудингизда диққатга сазовор тарихий ва хушманзара жойлар истаганча топиларкан.

Ўзбекчани билмайман, лекин сизга роса хурсандлигимни билдирмоқчиман.

Ли Куангцианг,

Хитойнинг Цзянси провинциясидаги гидроэлектростанцияси қурилиш компанияси вакили:

- Вилоятингизга қарашли Норин туманидаги катта Андижон магистраль канали устида қурилиш қилмоқчимиз. Аниқроғи, сув орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳасини назарда тутяпман. Билишимча, аксарият саноат корхоналарида электр токига зарурият бор. Бизни норинлик фуқаро - Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчиси Ойбек Ҳазратқулов Наманган форумига таклиф қилди, фаол иштирок этдик. Вазиятдан тўлиқ хабардор бўлдик ва жойига чиқиб ўргандик. Ушбу лойиҳамизни туман маъмуриятидаги мутасаддиларга, айнан ҳоким жанобларига кўрсатдик. Уларга ҳам маъқул келди ва шу юзасидан музокаралар олиб бордик. Лойиҳамиз тасдиқланиш арафасида.

Қайд этиш жоиз, форум иши вилоят марказидаги Давлат хизматлари маркази биносида уюштирилгани ҳам бежизга эмас. Бу муҳташам иншоотда айнан инвестиция ва инновация бўйича махсус марказ фаолият юритаркан. Ходимларининг деярли барчаси иқтидорли ва 3-4 та тилни биладиган ёшлардан иборат экан...

Кореялик бир гуруҳ хорижий компания вакилларининг айтишларича, маданий анъаналаримиз ва урф-одатларимиз, жумладан, миллий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатининг юксак даражада эканлиги яхши албатта. Буни эса ҳудудимизда этнотуризм ривожланишига муҳим манба сифатида ҳисоблашади. Уларни Чуст пичоқлари ва дўппиларининг тайёрланиш жараёни, Чортоқдаги минерал сув ишлаб чиқарадиган корхона, Тўрақўрғондаги Ибрат мемориал мажмуаси ва Ахсикент археологик ёдгорлиги катта қизиқиш уйғотган.

Маълумот ўрнида, Намангандаги мазкур йирик анжуманга энг кўп вакил Ҳиндистон, Хитой, Италия, Эрон, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Озарбайжон, Миср Араб Республикаси, Германия, Франция, Австрия, Қувайт каби давлатлар делегациялари ҳиссасига тўғри келди.

Қайд этиш жоиз, Форум доирасида Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда минтақада биринчи бор экспорт қилувчиларни қўллаб қувватлайдиган ва Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари каталогини ўз ичига оладиган madeinnamangan.uz портали ишлаб чиқилди ва ишга туширилди.

Форумнинг биринчи куни якунларига кўра умумий қиймати 170 миллион АҚШ долларига тенг 24 та инвестиция битими ва экспорт шартномалари имзоланди. Иккинчи куни яна 15 та битим имзоланди. Жами умумий қиймати 320 миллион АҚШ долларига тенг 39 та ҳужжат имзоланди.

Орифжон Жўраев,

© namangan24.uz

--> -->