Бугун – 2019 йил 7 июнь, жума куни Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида вилоятимиз тарихидаги энг йирик халқаро иқтисодий тадбир – “Doing Business with Namangan – 2019” Наманган Халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлади.

Наманган вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари ҳамкорлигида ўтказилаётган Форумда вилоятимизнинг инвестицион салоҳияти намоён этилади, ишлаб чиқарувчиларининг миллий кўргазмаси ташкил этилади.

Халқаро форумида Россия, Туркия, Хитой, Корея, Япония, Эрон, Германия, Буюк Британия, Франция, Италия, Голландия, Бельгия, Австрия, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Миср, Кувайт, Исроил, Сингапур, Уммон, БАА, Тайланд, Малайзия, Озарбайжон, Қозоғистон, Польша, Латвия, Люксембург, Тожикистон, Беларусь, Болгария, Грузия, Индонезия ва Украина давлатларидан 228 та компания вакиллари қатнашмоқда. Шунингдек, форумда юртимизнинг 29 та хорижий мамлакатдаги элчилари, 32 давлатнинг Ўзбекистондаги дипломатик миссиялари вакиллари ҳамда ўндан зиёд хорижий оммавийи ахборот воситалари мухбирлари иштирок этишаётир.

Форум тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров нутқ сўзлайди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Форум давомидаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда хорижий доирадаги йирик сармоядорлар ўртасида бўлиб ўтадиган бизнес музокаралари давомида ўзаро ҳамкорликда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш тармоқларида 49 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш бўйича 310 миллион 900 минг доллар миқдоридаги инвестиция шартномаларини имзоланишини кўзда тутилмоқда.

Хусусан, Поп туманида Хитойнинг “Yantay Jinpeng Mining Machinary Co.LTD” компанияси ҳамкорлигида 30 миллион доллар қийматга эга Суппатаж кони таркибида мавжуд флюоритов рудасини қайта ишлаш; Уйчи туманида Хитойнинг “Xinjang Silk Road International trade Co.LTD” компанияси билан биргаликда 15 миллион долларлик синтафон маҳсулотларини ишлаб чиқариш; Ҳиндистоннинг “Orion Group LLS” компанияси ҳамкорлигида 35 миллион долларлик туризм инфратузилмасини ташкил этиш; Чуст туманидаги “Наманган” эркин иқтисодий зонаси хитойлик тадбиркорлар иштирокида 22 миллион долларга тенг металлопрокатлар, мих ва панжаралар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳа битимларини эътироф эьтиш жоиз.

Тушдан кейин Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази биносида тўртта йўналиш бўйича –“Наманган вилоятида саноат соҳаларидаги мавжуд имкониятлар ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш истиқболлари”, “Наманган вилоятининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инвестицион имкониятлари, ерлардан унумли фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигида етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш соҳасини ривожлантириш истиқболлари”, “Наманган вилоятида туризм соҳасидаги имкониятлар ва маданий-тарихий туризм билан бир қаторда экологик, гастрономик, зиёрат, маданий-кўнгилочар ва агро туризм каби янги туристик йўналишларни ривожлантириш истиқболлари” ва “Наманган вилоятида инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш соҳасига инвестицияларни кенг жалб этиш, хорижий илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари” мавзуларида секциялар муҳокамаси ўтказилади.

Шунингдек, “Паҳлавон” спорт мажмуасида Наманган вилояти ишлаб чиқарувчиларининг миллий кўргазмаси, янги инвестиция лойиҳалари тақдимоти, “B2G” ва “B2B” форматдаги кооперацион биржалари ҳамда пресс-брифинг бўлиб ўтади.

Форум биринчи куни расмий кечки зиёфатдан кейин меҳмонлар Наманган шаҳридаги Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида Наманган гуллари экспозициялари билан танишадилар.

Форум қатнашчилари эртага Наманган шаҳрида ва Чортоқ туманида жойлашган ишлаб чиқариш корхоналарини, Тўрақўрғондаги Исҳоқхон Тўра Ибрат мажмуаси, Ахсикент археологик ёдгорлик мажмуасини бориб кўришади.

Оқилхон Дадабоев,

Халқаро инвестиция форуми Матбуот маркази координатори.

© namangan24.uz

--> -->