Жаҳон миқёсида катта нуфузга эга бўлган “MJ Developers” халқаро қурилиш компанияси “Namangan Square” йирик лойиҳасининг бошланганини эълон қилди. Шу муносабат билан Наманган шаҳридаги Ислом Каримов кўчасидаги Халқаро аэропортга яқин ҳуддудда тантанали маросим бўлиб ўтди.

Мазкур маросимда компания вакиллари, Наманган вилояти ва шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Тақдимот ва лойҳанинг офиси очилиши ва сотув жараёнлари очилишида Наманган вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, “Namangan Square”ни барпо этилиши энг аввало, Ўзбекистон, шу жумладан гуллар диёри Наманганга жаҳоннинг ривожланган давлатлари йирик инвесторларини жалб этишда катта имкониятлар эшигини очажагини билдирди. Қолаверса, бундай йирик объектларнинг қурилиши мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги ўрни ва имижини ошишига хизмат қилади.  

 

Компания матбуот хизматининг “Namangan24.uz” сайтига хабар беришича, минтақадаги биринчи “Smart City”, яъни “Ақлли шаҳар” 18 гектар майдонда Бразилия, Ҳиндистон, БАА, Россия каби мамлакатларда йирик лойиҳаларни амалга ошириш тажрибасига эга ишлаб чиқарувчи томонидан қурилади.

«Наманган асрлар давомида ҳунармандчилик ва ўзига хос архитектура маркази бўлиб келган. “Namangan Square” тушунчасини яратишда бизнинг меъморларимиз ва дизайнерларимиз Фарғона водийси ушбу дурдонасининг ажойиб тарихидан илҳом олишди. Ушбу шаҳар Евросиё савдо йўллари чорраҳаларида ташкил этилганидан бери муҳим иқтисодий марказга айланди ва бизнинг лойиҳамиз унинг бизнес фаолияти учун органик қисм ва диққатга сазовор жой бўлиш учун яратилган. Биз 2021 йилда “Namangan Square” 10 минг кишининг уйига айланишини кутмоқдамиз”, - деди “MJ Developers” ҳаммуассиси Анкит Жалан.

Тахминан 325 минг квадрат метр иш жойлари, турар жойлари ва чакана савдо майдончаларини 10 гектардан ортиқ парк майдонида ноёб ландшафт дизайн билан қуриш режалаштирилган бўлиб, у замонавий ечимларни Наманган боғдорчилигининг қадимий анъаналари билан уйғунлаштиради.

Пухта ўйланган спорт ва ҳордиқ чиқариш муҳити “Namangan Square” аҳолиси ва меҳмонларига югуриш ва велосипед йўлларидан ташқари воркаут ва скейтинг учун тўлақонли майдонларни, шунингдек, баскетбол, теннис, футзал ва голф машқлари учун майдонларни тақдим этади. Илғор “яшил” технологиялар “Namangan Square”ни экологик қулай туманга айлантиради, бу эса уларни кейинчалик шаҳар ва вилоят бўйлаб тарқатишга имкон беради.

“Namangan Square”нинг асосий безаги ноёб дизайн ва конструкцияли икки бино бўлади. Фарғона водийсидаги ушбу биринчи осмонўпар бинолар, шубҳасиз, вилоятнинг диққатга сазовор жойлари ва унинг энг юқори меъморий тузилмалари рўйхатини тўлдиради.

“Namangan Square” лойиҳалаштириш 50 миллион квадрат метрдан ортиқроқ архитектура тажрибасига эга дунёга машҳур ҳинд архитектори Ҳафиз Контрактор томонидан амалга оширилди.

Маълумот ўрнида, “MJ Developers” компаниясига Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида асос солинган бўлиб, у Бразилия, Ҳиндистон, БАА, Россия ва бошқа мамлакатларда йирик лойиҳаларни амалга оширган.

“Namangan Square” тақдимот маросимида Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->