Бугун - 26 сентябрь куни тажрибали журналист, моҳир ижодкор, кучли воиз, Наманган шаҳар ҳокимлигининг "Наманган садоси" газетаси муҳаррири Комилжон Файзиев қутлуғ 60 ёшга тўлди!

Камина профессионал меҳнат фаолиятимни 2004 йили қадрдон даргоҳ - "Наманган садоси" газетаси таҳририятида ўз бошлаганимни ва бугунги кунгача эришиб келаётган ютуқларимда Устознинг катта ҳиссалари борлигини алоҳида этироф этаман.

Кечагидай ёдимда. Оддий бир коллеж талабаси, жиссаси кичик, ижодга иштиёманд ёш ўспиринни таҳририят даргоҳига жон деб қабул қилган Устозимиз каминага ҳаётий йўл-йўриқлар кўрсатди. Камчиликларимизни қандай бартараф этиш усулларини ўргатди. Хато қилганда кечирди. Эркин ва мустақил ижод қилишга шарт-шароит ва имконият ҳозирлади. Айниқса, олий таълим даргоҳига ўқишга киришимда ва институтда таҳсил олишимга алоҳида эътибор қаратдилар. Устознинг кўмагида ҳам ўқиш, ҳам ижод машаққатлари мен учун оғир кечмади. Комилжон аканинг йўлланмалари билан кейинчалик иш фаолиятимни вилоятнинг бош нашри – “Наманган ҳақиқати” газетаси таҳририятида давом эттирдим.

“Наманган садоси” газетаси таҳририяти мен учун ҳамиша қадрдон маскан ҳисобланади. Боиси, Устоз Комилжон ака файз бағишлаб турган қутлуғ даргоҳга тез-тез бориб, 20 йилдан зиёд таҳририятга бошчилик қилаётган муҳаррирдан ҳаётий маслаҳатлар олиб тураман.  

Нилуфар Ниёзова, Нодира Абдуллаева, Оқилхон Дадабоев, Хуршидбек Файзиев, Улуғбек Рўзиматов, Орифжон Жўраев, Зулайҳо Зайниддинова, Маъмуржон Эргашев, Темурмалик Воҳидов каби иқтидорли шогирдларига улкан мақсадлар сари мотивация берадиган, ҳаётда ўз ўринларини топишида беминнат ёрдам кўрсатган Устозимиз Комилжон Собировичнинг чин инсонийлик фазилатлари ҳам ана шунда!

Халқимизда “От изини той босар” деган пурмаъно ҳикмат бор. Шу маънода, Устознинг фарзанди, ҳам шогирди Хуршидбек Файзиев ота изидан бориб, журналистика касбини ҳаётий қисмати деб билди. “Наманган садоси” ва “Маърифат гулшани” газеталарида тобланган Хуршидбек бугунги кунда замонавий журналистика, замон шиддатига мос нашр қандай бўлиши кераклигини “Халқ иродаси” газетаси таҳририяти мисолида исботлай олди. Бир неча йилдан буён Олий Мажлис жамоат фонди грантлари ва турли танловлар ғолиби сифатида эътироф этилмоқда.

Қарийб ўн йилдан буён “Халқ иродаси”га муҳаррирлик қилиб келаётган ота ўғил ўз атрофига ёш кадрларни жамлаб, аҳил ва шижоатли жамоани шакллантира олди. Бунда албатта, Устози ва падари бузруквори Комилжон аканинг тўғри ўгитлари ва кўрсатмалари натижаси алоҳида ўрин тутади.

Дарвоқе, Файзиевлар хонадонини Наманган вилоятидаги ибратли ва ҳавас қилса арзигудек оила сифатида қайд этиш даркор. Устоз турмуш ўртоғи, тажрибали муаллима – Наманган шаҳридаги 7-сонли умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Шоирахон опа Файзиева билан бир ўғил ва икки қизни эл корига ярайдиган баркамол инсонлар қилиб тарбиялашди. Фарзандларининг барчаси олий маълумотли мутахассислар бўлишди. Шириндан шакар жажжи набиралари ҳам чучук тилларида мен ҳам катта бўлсам, албатта бобомга ўхшаб ўқийман, дейишади.

Бугунги шодиёна кунда муҳтарам Комилжон ака Файзиевга тикларимиз бисёр: Устоз, ҳамиша шундай бағри кенг инсон, самимият соҳиби бўлиб юринг. Фарзандлар камоли, набиралар иқболидан ҳаётингиз файзга тўлсин! Муаллима умр йўлдошингиз Шоирахон ая билан яхши фарзандлар камоли, орзу-ҳаваслари рўёбини кўриб, қўша қариб юринглар.

Фурсатдан фойдаланиб, меҳрибон ва ғамхўр Устозимиз Комилжон акани табаррук 60 ёшлари билан чин дилдан табриклайман. Устоз, 100 ёшга тўлганингизда ҳам қутлаш, ёнингиздаги туриш насиб айласин! Яқинларингиз, шогирдларингиз бахтига доимо омон бўлинг!

Оқилхон Дадабоев,

Наманган муҳандислик-технология институти ахборот хизмати раҳбари.

© namangan24.uz

--> -->