Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Раҳимжон Турдиалиевич Ирисов бугун қутлуғ 60 ёшини нишонлайди.

Раҳимжон Ирисов 1959 йил 20 апрель куни Наманган вилояти Учқўрғон тумани Қайқи қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университети журналистика факультетини (1981), Москва олий партия мактабининг сиёсатшунослик йўналишини (1990) тамомлаган.

Сўзида собит, аҳдида қатъий журналист Раҳимжон Турдиалиевич иш фаолияти давомида давлат ҳокимияти органлари ва оммавий ахборот воситаларида масъул лавозимларда ишлаб келмоқда. Наманган вилоятидаги “Халқ иродаси”, “Наманган садоси”, “Иқтисодиёт ва солиқ”, “Диёнат” газеталари ҳамда “namnews.uz” интернет ахборот-таҳлилий порталини ташкил этишда бош-қош бўлган. Ўз вақтида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Наманган вилояти бўлимига раҳбарлик қилган.

Устозимизнинг "Наманган ҳақиқати", "Диёнат", "Халқ иродаси" маҳаллий нашрлари, “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози” газеталарининг Наманган вилояти бўйича мухбири сифатида чоп этилган ўткир танқидий, мулоҳазага чорловчи таҳлилий мақолалари кенг оммадаги муштарийларга манзур келган. Танқидий мақолаларидан кейин ўз ишига лоқайд ва лаганбардор айрим мутасаддилар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, ҳатто маъмурий ва жиноий жавобгарликка ҳам тортилган.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси Раҳимжон Ирисовнинг Наманганда ҳар йили нишонланадиган аънавий гул байрамининг 50 йиллигига бағишлаб ёзган “Гул диёр мадҳи” китоби китобсеварлар томонидан алоҳида эътироф этилган.

Раҳимжон Ирисовни бугунги шонли 60 ёши билан чин қалбдан табриклаб, Яратгандан узоқ умр, мустаҳкам саломатлик, масъулиятли ва шарафли ишларида улкан зафарлар ёр бўлишини тилаймиз!

namangan24.uz таҳририяти.

--> -->