Кўпинча раҳбарлар китоб, газета-журнал ўқишга вақтлари йўқлигини рўкач қилади. Ҳа, тўғри раҳбарнинг ҳамиша вақти тиғиз, иши кўп, ташвиши етарли бўлади. Аммо, теранроқ мушоҳада қилсак, мутолаа, яъни ўқиш ҳам раҳбарлик шартларидан бири эмасми?

Бадиий асар мутолааси кишини маънавий озиқлантириши билан бир қаторда кундалик ташвишларни унутиб, руҳан дам олиши, асабларини тинчлантиришида беминнат восита ҳисобланади. Мен Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки” китобини сотиб олганимда анча вақт ўтган бўлсада, ҳажман катталигидан бемалол вақтим бўлганда ўқирман, деб кейинга суриб юрган эдим. Бу орада кўплаб катта-кичик китобларни ўқиб қўйдим.

Аммо кеча ишдан қайтиб, “Одамийлик мулки” қўлга олганимча, турмуш ўртоғимнинг “дамингизни олсангиз бўлар эди, эртага ишга борасиз ахир”, деган енгилгина огоҳлантиришидан кейин соатга қарасам – 12.10, китобнинг саҳифасига қарасам 56-бетга келибман. Аммо, на чарчоқлик ва на зерикиш ҳиссини туйдим. Аксинча, аллома бобокалонларимизнинг барҳаёт ва ҳамма замон ва маконларга мос ўгитлари, диний-маърифий ривоятлар, ҳадислар, уларнинг бугунги кунимиз билан қиёсий аҳамияти ҳақида ҳикоялардан шу қадар баҳра олдимки, бу китобни эртароқ ўқишга киришмаганим учун ўзимни койидим. Китобни энди ишга ҳам ўзим билан бирга олиб келаяпман. Орада озгина бўш вақтим бўлса, бир бетми-икки бетми ўқиб олаяпман.

Ўз номидан келиб чиқиб, том маънода одамийлик мулкидан сабоқ бергувчи ушбу китобни ҳамма ва ҳар бир киши ўқиб чиқишини истар эдим.

Аҳмаджон Аълохўжаев,

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти

Наманган вилояти кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати,

"Миллий тикланиш" партияси фаоли.

© namangan24.uz

--> -->