Наманган туманидаги Шўрқўрғон қишлоғи Кўл бўйи маҳалласи ҳудудида “Халқ кутубхонаси” фойдаланишга топширилди. Байрамона тадбир фуқароларнинг юртимизда кечаётган ислоҳотларга ҳозиржавоблигини, фидойилигини, дахлдорлигини намойиш қилди.

Аҳамиятлиси, мазкур эзгу ташаббус зиёли инсонлар, тадбиркорлар томонидан хайрия асосида биргалашиб йўлга қўйилди, уни қўллаб-қувватлаган кўнгилли қишлоқ аҳли ҳам янги бинони китоблар билан тўлдиришга ҳисса қўшди. Ҳозирда кутубхона фондида 50 миллион сўмлик 2 000 дан ортиқ турли адабиётлар мавжуд.

Эътироф этиш жоиз, Шўрқўрғонни – Шеърқўрғон, шоирлар қишлоғи сифатида донғи кетган. Қишлоқнинг Ўктам Мирзо, Санобар Бобоназарова, Тўхтахон Раҳимова, Ўктамой Холдорова, Дилором Сотиболдиева, Носиржон Жўраев каби таниқли ижодкорлари, Одилжон Ҳамробеков сингари машҳур спортчилари, ифтихорлари қаторига энди маърифатпарвар тадбиркорлари қўшилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 28 февраль – 1 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида “Наманганни энг китобхон вилоятга айлантирамиз!” дея муҳим ва фахрли вазифани топширган эди.

Қолаверса, давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга сифатли таълим-тарбия беришда илгари сурилган бешта ташаббуснинг тўртинчисида китобхонлик маданиятини ошириш, мутолаани кучайтириш масаласи белгиланган. Бу борада ҳам вилоятда қатор ишлар амалга оширилмоқда, ҳатто мусобақа тусини олмоқда. Қишлоқларга, чекка маҳаллаларга, хонадонларга китоблар билан кириб борилмоқда, аҳоли мутолаага ошно тутинмоқда.

“Халқ кутубхонаси”нинг очилиш маросимига келган ижодкорлар, журналистлар, туман ҳокимлиги мутасаддилари “Обод қишлоқ” дастури асосида Шўрқўрғонда бажарилаётган улкан бунёдкорлик, яратувчанлик саъй-ҳаракатларига, чирой очаётган манзил манзараларига ҳам гувоҳ бўлди.

Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов табрик сўзида шу қувончли воқеадан мамнунлигини билдирди ҳамда кутубхонага вилоят ҳокимлиги томонидан минг дона китоб жўнатилишини айтиб ўтди.

Ҳозирча бундай тоифадаги кутубхона Наманганда илк бор Шўрқўрғонда пайдо бўлди ва тадбирда “Халқ кутубхоналари”ни барча туман-шаҳарларга тарғиб қилиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Атоқли ёзувчи, “Шарқ” нашриёти бўлим муҳаррири Эркин Малик қишлоқ аҳлига самимий эътирофини, ҳурматини, тилакларини изҳор қилди. Меҳмон ўзининг “Шайх ҳазратлари ҳақида хотира китоби”, “Дуо олган келинчак”, “Ижобат бўлган дуо” каби китобларидан эсдалик учун дастхат қўйиб, кутубхонага тортиқ этди.

- Одамларда мутолаага иштиёқ, китобга меҳр баланд эканлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Шўрқўрғонда “Халқ кутубхонаси”ни очганимиз айни муддао бўлди. Бунда бизга яқиндан ёрдам берган фидоий инсонларга миннатдорчилик билдирамиз, - дейди савобли юмушга бош-қош бўлганлардан бири Зайниддин Бурхонов. – Ҳозирда 2 нафар синглимиз ишли бўлди. Улар кутубхонадан фойдаланиш қоидаларини кенг аҳолига тушунтирмоқда. Ҳамқишлоқларимиз кутубхонадан бепул ва эркин тарзда фойдаланади. Ўқувчилар қулай электрон дастур асосида тезкор аъзолик рўйхатига олинади ва ҳажмига қараб белгиланган муддатларда, эҳтиётлаган ҳолда китобни қайтаради. Электрон усулда танишмоқчи бўлганлар учун телеграм каналимизга ҳам янги нашрлар ҳақида маълумотлар, янгиликлар, бадиий асарларни жойлаб борамиз.

Орифжон Жўраев,

© namangan24.uz

--> -->