Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига тўхталиб, «Ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади», дея таъкидлади.

Яъни, Юртбошимиз раҳбарларга, депутатларга ўзлари ўқиган мактабига 20 донадан китоб совға қилиш, шу орқали кутубхоналар ташкил этиш, ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш лозимлигини қайд этди.

Президентимизнинг ушбу хайрли ташаббусига Наманган вилоятидаги ҳокимлар, сенатор ва депутатлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари лаббай, дея жавоб қайтариб, эзгу ишни амалга оширишга киришдилар.

Жумладан, Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров ўзи таълим олган Чортоқ туманидаги 46- (собиқ 76-) ва 9-умумий ўрта таълим мактаблари кутубхоналарига ўзбек ва жаҳон мумтоз бадиий адабиётлари жамланмасини туҳфа қилди. Қайд этиш жоиз, вилоят ҳокими томонидан тақдим этилган китоблар мактаб жамоаси ва ўқувчилар учун энг яхши совға бўлди.

Наманган муҳандислик-технология институти ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, физика-математика фанлари доктори, профессор Одилжон Маматкаримов ўзи таҳсил олган таълим даргоҳи – Уйчи туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабига ташриф буюриб, ўз ҳисобидан ўқувчиларга 100 дона янги нашр этилган бадиий адабиётлар, дарсликлар, хусусан ўзининг физика фани бўйича ёзган ўқув қўлланмаларини совға қилди.

Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳам ўзи таҳсил олган Наманган шаҳридаги Мингчинор даҳасида жойлашган 2- сонли умумтаълим мактабида бўлиб, кутубхона учун ўз ҳисобидан 100 дан зиёд бадиий китобларни топширди. Мактабда ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитларни бирма-бир кўздан кечирди. Педагогик жамоага таълим сифатини ошириш, ёш авлод тарбияси борасида масъулиятни кучайтириш зарурлиги юзасидан тегишли кўрсатма-тавсиялар берди.

Хулоса ўрнида шуни эътироф этиш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бу амалий ташаббус энг аввало, ўсиб келаётган ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.

Оқилхон Дадабоев.

© namangan24.uz

--> -->