Наманган шаҳридаги “Уч фаввора” хиёбонида 59-анъанавий Халқаро Гул фестивали ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлди.

Бу ҳақида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Тадбирда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, давлат ва нодавлат ташкилотлари, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари, адабиёт ва санъат намояндалари ҳозир қатнашдилар.

Вилоят ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров “Гул байрами” фестивалининг мақсад-вазифлари ва мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб, ушбу катта тадбирга муносиб ҳисса қўшган ташкилот ва гулчиларга миннатдорлик билдирди.

Қайд этиш жоизки, 1961 йили 19 августда 16 нафар ҳаваскор гулчи иштирокида ўтказила бошланган “Гул байрами” сўнгги икки йилда кўлами ҳам, мазмун мундарижаси ҳам кенгайиб, йирик нафосат ва гўзаллик тадбири сифатида халқаро фестиваль даражасига чиқди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтган йили махсус композицияларни яратиш учун 3 миллион 500 минг туп гул кўчати ўтқазилган бўлса, бу йил 5 миллиондан зиёд турли гуллар экилди. 150 дан ортиқ гулчи-тадбиркорлар, 100 дан зиёд корхона ва ташкилот томонидан 60 дан кўпроқ турдаги мавсумий гуллар кўргазмаси ҳамда 100га яқин бадиий композициялар намойиш этилди.

Тинчлик, дўстлик ва ўзаро тотувликка бўлган интилишларимизнинг амалдаги ифодаси сифатида иккинчи марта гул паради ўтказилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Туркиянинг марказий “TRT” телевидениеси, “Анадолу ва “ИХА” ахборот агентликлари, “Йени шафак” газетаси, Хитойнинг “Синхуа” ахборот агентлиги ва “Цзинзи жибао” газетаси, Россиянинг “Спутник” ахборот агентлиги, Қирғизистоннинг “Кабар” давлат ахборот агентлиги, Эроннинг “Фарс нюьс” ахборот агентлиги мухбирлари томонидан гуллар байрами жараёнидан  тайёрланиб, тезкор эфирга узатилган хабар ва видеолавҳаларни 2 миллиардан зиёд киши томоша қилди.

Фестиваль доирасида Наманган муҳандислик-технология институти томонидан АҚШ, Эрон, Ҳиндистон, Россия ва мамлакатимиздаги етук академик, олимлари иштирокида “Ўзбекистонда манзарали гуллар хилма-хиллиги: муаммолар ва ютуқлар” мавзусида халқаро  илмий-амалий конференция ўтказилиб, соҳа билан фундаментал шуғулланишга киришилди.

59-анъанавий Халқаро гул фестивалининг якуний натижаларига кўра, олий ўринга сазовор бўлган Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси ҳамда профессионал гулчи Азизбек Мамажонов диплом ва  “Спарк” автомобили билан тақдирландилар.

Шунингдек, номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритган ташкилотлар ва гулчиларга вилоят ҳокимининг ташаккуромаси ҳамда телевизор, компьютер, музлатгич каби қимматбаҳо совғалар тантанали топширилди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Алишер Файз, Яҳёбек Мўминов, эстрада хонандалари Дилшод Раҳмонов, Гули Асалхўжаева, Бахром Назаров, Бахриддин Зуҳриддинов, “Ниҳол” давлат мукофоти совриндори Шахзода Ҳасанова, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали драма театри қошидаги “Тошкент зеболари” рақс гуруҳи, Наманган ихтисослаштирилган санъат ҳамда маданият мактабларининг оркестри ва “Дуторчи қизлар” ансамблининг чиқишлари барчага манзур бўлди.

Аҳамиятлиси шундаки, Халқаро гул фестивали бутун Ўзбекистонни, жумладан, Наманганни дунёга кенг танитиш баробарида сайёҳлар оқимини кўпайтириш, туризмни ривожлантириш, мавжуд ҳамкорлик доираларини кенгайтиришга хизмат қилади.

© namangan24.uz

Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати олган суратлардан фойдаланилди.

 

--> -->