Азизбек Абдуғаниевич Абдувалиев Наманган вилояти ҳокимининг матбуот котиби - ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. У мазкур лавозимда ишлаган Хуршидбек Комилжонович Файзиевнинг ўрнида иш бошлади.

Азизбек Абдувалиев 1972 йил 5 апрелда Наманган шаҳрида зиёлилар оиласида таваллуд топган. Маълумоти олий, 1994 йили Тошкент давлат университети, 2001 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Мутахассислиги журналист, сиёсатшунос. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг аъзоси.

Меҳнат фаолиятини 1991 йилда “Оила ва жамият” республика газетасида мухбир вазифасида бошлаган. У 1994-2020 йиллар давомида шаҳар ҳокимлигининг “Наманган садоси” газетаси, “Ташаббус” телевидениеси, “Суҳбатдош” газетаси, “Меҳнат муҳофазаси” журнали, “Даракчи” газетаси, “Сабо” газетаси таҳририятларида, Наманган муҳандислик-педагогика институти, вилоят ҳокимлиги, Ибрат номли вилоят босмахонаси, Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги, Наманган шаҳар ҳокимлигида турли масъул лавозимларда фаолият юритган.

Азизбек Абдувалиев 2020 йил май ойидан буён Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати бош мутахассиси сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Қайд этиш жоиз, ҳокимнинг матбуот котиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, ахборот хизмати раҳбари бўлибгина қолмай, ҳокимнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида лавозим ва мақом жиҳатидан ҳоким ўринбосари даражасига тенглаштирилади.

“Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий портали жамоаси Наманган вилояти ҳокимининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган Азизбек Абдуғаниевич Абдувалиевга масъулиятли вазифада олиб борадиган эзгу ишларида мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->