Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгаши “Аёллар қаноти” фаоли Дилноза Зохидхоновна Азизова Тўрақўрғон тумани ҳокимининг 2020 йил 19 февралдаги қарорига кўра, туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Ҳукуматининг 2020 йил 20 январдаги “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 34-сон қарори асосида маҳаллий давлат ҳокимияти идораларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича ҳоким маслаҳатчиси штати жорий этилди.

Маълумот ўрнида, Дилноза Зохидхоновна Азизова 1986 йил 28 январь куни Учқўрғон туманида зиёли оиласида таваллуд топган. Маълумоти олий, 2008 йили Наманган давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. Мутахассислиги – ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси аъзоси.

У меҳнат фаолиятини 2008 йилда Учқўрғон иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ўқитувчи вазифасида бошлаган. Турли йилларда Наманган тиббиёт коллежи ўқитувчиси, Республика маънавият ва маърифат маркази Наманган вилояти бўлими мутахассиси, Наманган шаҳридаги 40-сонли мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби вазифаларида фаолият олиб борган.

Дилноза Азизова 2019 йилнинг апрель ойидан ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тўрақўрғон тумани кенгаши раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

“Namangan24.uz” сайти жамоаси Тўрақўрғон тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган Дилноза Зохидхоновна Азизовага янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->