Наманган муҳандислик-технология институтида  Жиззах давлат педагогика институти кафедра мудири, фалсафа фанлари доктори, машрабшунос олим Мўмин Ҳошимхонов билан қизиқарли учрашув бўлди.

Унда кўп сонли талабалар, шунингдек, институтнинг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори, тарих фанлари номзоди Маъруфжон Қаюмов, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Илҳомжон Сайфуллаев, институт ахборот хизмати раҳбари Оқилхон Дадабоевлар иштирок этдилар.

Ҳамюртимиз Бобораҳим Машраб шеърияти ўта халқчил ва оммага яқинлиги билан эъзозланади, севиб хиргойи қилинади. Бу оташзабон шоир ижодини тадқиқ этишда жонбозлик кўрсатаётганларнинг пешқадам вакили Мўмин Ҳошимхоновдир. У ҳозиргача ҳамюртимиз ҳаёти ва ижодига доир 15 га яқин йирик китоблар яратди. Хусусан олим Машраб ҳаёти, фаолияти, ижоди бўйича фундаментал (заминий) тадқиқотлар олиб бориб олтита монография ва иккита ўқув –услубий қўлланма яратган.

Китобхонлик тадбирида Наманган вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Раҳимжон Ирисов Президентимиз илгари сурган Беш муҳим ташаббуснинг тўртинчи йўналиши  - аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш масалалари бўйича алоҳида тўхталиб ўтди.

Машраб шеърияти, унинг ғоявий мазмунга бой маънавий-ижодий меросига баҳо бериш шунчалик мураккаб ва мушкул кечдики, ХХ асрнинг биринчи ярми унинг дилбар ва оташин ғазалиёти собиқ мафкура тазйиқлари боис “юлиб олиб ташланиб” улар атеизм (худосизлик-динсизлик)га мослаб таҳлил ва талқин этилди, худосизлар учун байроқ бўлиб, замонга мослаштириб ўрганилди.

Мўмин Ҳошимхоновнинг изланишлари самараси шундаки, у юқоридаги қарашларни устоз машрабшунослар анъанасини давом эттириб  адолатли ҳулосалар берди. Бу эса машрабшунослик илмини янада бойитди.

Наманган муҳандислик-технология институти ахборот хизмати.

***

Наманган муҳандислик-қурилиш институтида Президентимизнинг Беш муҳим ташаббуси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Наманган вилояти  бошқармаси бошлиғи Раҳимжон Ирисов ҳамда Жиззах педагогика институти  кафедра мудири, фалсафа фанлари доктори, машрабшунос олим Мўмин Ҳошимхонов иштирокида тарғибот тадбири  ўтказилди.

Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган тадбир аввалида Р.Ирисов сўз олиб, бугун Юртбошимизнинг ёшлар таълим-тарбияси учун яратаётган имкониятларни институт мисолида айтиб ўтди. Шунингдек, ижод оламида бетакрор Наманган фарзанди бўлган буюк  аждодимиз Бобораҳим Машраб ҳақида ўз фикрларини ифода этди.

Бобораҳим Машраб фаолияти борасида илмий изланишлар олиб борган ва бу борада ўз ютуқлари билан илм-фан хазинасига бир қатор монографиялари билан ҳисса қўшган машрабшунос олим Мўмин Ҳошимхонов ўз сўзида мамлакатимизда, қолаверса, халқаро майдонда ҳам машаққатли тақдир эгасининг ижодий хазинасига эътибор тобора кучайиб бораётганини айтиб ўтди. У ўзи муаллифлигидаги адабиётларни йиғилганларга таништирди.

Жиззахлик олим Машрабнинг бетакрор ғазалларидан ўқир экан, тадбир иштирокчиларига ўзгача маънавий-руҳий куч ато этди. Ўз илмий салоҳияти ва фаолиятини наманганлик Машрабимиз ижоди учун бахш этган фидойи инсоннинг бу қадар самимийлиги, бир ватандошимиз номини тарих зарварақларига битишда кечган машаққатлари биз учун алоҳида ифтихор уйғотди.

Тадбирда НамМҚИ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Анваржон Деҳқонов, бўлим услубчиси Жаҳонгир Нодиров, институтнинг ахборот-ресурс маркази бўлим бошлиғи Гулчеҳра Қўчқорова, қурилиш факультетининг ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Хайрулло Нишонов, институт матбуот котиби Дилфуза Шерматова, талабалар иштирок этдилар.

Наманган муҳандислик-қурилиш институти ахборот хизмати.

© namangan24.uz

--> -->