Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоровнинг 2021 йил 25 январдаги қарори билан, Дилмурод Ҳасанбоевич Жумабоев вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари – вилоят ҳокимининг матбуот котиби этиб тайинланди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари вилоят ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳам ҳисобланади.

Дилмурод Жумабоев 1978 йилда Наманган тумани Тепақиёт қишлоғида таваллуд топган. Маълумоти олий, Наманган Давлат университетининг инглизтили лингвистикаси магистри мутахассислигини тамомлаган. Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси аъзоси.

Меҳнат фаолияти давомида Наманган вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бўлим бошлиғи, “Наманган” нашриёти бош муҳаррири, Наманган Давлат университети ўқитувчиси, "Vodiymedia.uz" ахборот сайти раҳбари, вилоят ҳокимлигининг “Наманганская правда” газетасининг муҳаррири сифатида фаолият олиб борган. 2017 йилдан Осиё журналистлари ассоциациясининг аъзоси.

2019-2020 йилларда Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, 2020 йил июнь ойидан Наманган вилояти ҳудудий туризм бошқармаси бошлиғи бўлиб фаолият олиб борган.

Дилмурод Жумабоев мазкур тайинловга қадар "Vodiymedia.uz" ахборот сайти раҳбари сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

© namangan24.uz

--> -->