Тошкент фотосуратлар уйида Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан “Туркия ўзбекистонлик журналист ва фоторассомлар нигоҳида” мавзуида фотокўргазма ташкил этилди.

Бу ҳақида “namangan24.uz” сайтига ушбу тадбирда иштирок этаётган яқин манбамиз хабар берди.

Халқимизни турк маданияти, урф-одатлари, маросимлари ва меъморчилик анъаналари билан яқиндан таништириш ва икки мамлакат маданий алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкилланган кўргазмада юзага яқин фото ишланмалар намойиш этилмоқда.

 

 

 

Қайд этиш жоиз, сўнгги икки йил ичида Туркиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси кўмагида 30 га яқин ўзбекистонлик журналист Туркияда ўтказилган тадбирларда иштирок этди. Журналистлар Туркияга ташрифи доирасида мамлакатнинг шаҳар ва қишлоқларида бўлиб, турк халқининг яшаш тарзи, тарихи, меъморчилик обидалари, табиатига оид билимларини бойитиб, қайтганди.

Кўргазмада намойиш этилган фото намуналарда ўзбек журналистларининг нигоҳига муҳрланган Туркия манзараларини кўришимиз мумкин. Қувонарлиси шундаки, фотосуратлар орасида наманганлик талантли фотожурналист, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Наманган вилоятидаги фотомухбири Ҳотам Мамадалиев томонидан тақдим этилган Туркия манзараларини ифодаловчи фотосуратлар ҳам ўрин олган.

Мустаҳкамланиб бораётган Ўзбекистон – Туркия маданий алоқаларининг амалий натижаси сифатида баҳоланаётган ушбу кўргазма 14 апрелга қадар давом этади.

© namangan24.uz

ЎзА суратларидан фойдаланилди.

 

--> -->