Халқимиз азалдан узумчилик билан шуғулланиб келган. Юртимизда узумчиликни ривожлантириш учун катта имкониятлар борлиги ва янги токзорлар барпо қилинаётгани боис, бугун бу тармоқда 900 минг аҳоли доимий ва мавсумий иш билан банд.

Президентимиз раислигида шу йилнинг 7 июль куни узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда энотуризмни йўлга қўйиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу масалага алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, ўтказилган таҳлиллар бу соҳага катта эътибор қаратиш, кўплаб масалаларни ҳал этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Чунки айрим ҳудудларда йирик токзорлар майдони сўнгги тўрт йилда 7 минг гектарга камайган. Тармоқда селекция ишлари деярли йўқ, ҳалигача 40-50 йил аввал яратилган узум навлари экиляпти.

Йиғилишда кўчат етиштириш илмига ва технологиясига амал қилинмаслиги, кўчат касалликлари билан олимлар ҳам, ишлаб чиқарувчилар ҳам шуғулланмаслиги айтилган ҳолда, ҳосилдорлик пасайиб, касаллик кун сайин кўпайиб бораётгани таъкидланди. Узумчиликни жадал ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган асосий муаммолар бирма-бир тилга олиниб, уларни ҳал қилишга қаратилган вазифалар белгилаб берилди.

Масалан, эндиликда тоғолди туманларида йирик узумчилик плантацияларини ташкил этилса, Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги 44 та туманда янги экспортбоп узум плантациялари барпо қилинади. Қолаверса, илмий муассасалар тасарруфидаги ерларда сертификатланган узум кўчатлари етиштириш йўлга қўйилиб, узумни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиришнинг тўлиқ циклини яратиш учун виночилик кластерлари бунёд этилади.

Йиғилишда узумни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиришнинг тўлиқ циклини яратиш учун виночилик кластерлари ташкил этиш кераклиги қайд этилар экан, уларга узумни қайта ишлаш, майиз қуритиш ва қадоқлаш ускуналарини сотиб олиш учун молиявий имтиёзлар бериладиган бўлди. Бу борада табиий виноларга нисбатан акциз солиғи бекор қилиниши белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, узумчиликнинг иқтисодий самарадорлиги ҳам, ижтимоий аҳамияти ҳам катта. Шу жиҳатдан узумчилик йўналишида бор куч ва салоҳиятимизни ишга солишимиз зарур.

Барно Мирзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси, депутат.
© namangan24.uz 

--> -->