Мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрами арафасида Наманган вилоятининг Уйчи туманида тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Акс медикал фарм” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси иш бошлади.

Янги заводнинг тантанали очилиш маросимида қатнашган Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров Наманган илгариги аграр вилоят эмас, эндиликда саноати тез суръатлар билан ривожланаётган вилоятлар қаторидан ўрин олаётганлигини, бунда хорижий сармоядорларнинг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини, сўнгги икки-уч йил ичида амалга оширилган давлат дастурлари ҳамда хорижий инвестициялар ёрдамида саноат соҳасида вилоятда катта сакрашга эришилганлигини таъкидлади. Хусусан, кейинги пайтда фармацевтика саноати ҳам жадал ривожланиб, бу борада республиканинг энг олди вилоятлари қаторидан ўрин олди.

Хитойлик инвестор Зоу Шаохуа ўз сўзида мазкур йирик лойиҳа маҳсули Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ўртасидаги “Бир макон – бир йўл” тамойили асосида амалга оширилаётган ҳамкорлик алоқалари самараси эканлиги, бу борадаги саъй-ҳаракатларни биргаликда изчил давом эттирилишини билдирди.

Қурилиш ишлари 2018 йил март ойида бошланган “Акс медикал фарм” корхонаси ўз йўналишида ноёб лойиҳа ҳисобланади. Ишлаб чиқариш ҳажми жиҳатидан Ўзбекистон миқёсида Нукус шприц заводидан кейин иккинчи ўринда туради. Жийдакападаги янги заводда йилига 100 миллион дона шприц, 300 минг дона аёллар тиббиёт ойнаси ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Тадбиркор Хусниддин Мамадалиев таъсисчилигидаги “Акс медикал фарм” корхонасида йиллик ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг умумий қиймати 40 миллиард сўмни ташкил этади. Корхона тўла қувватда ишга тушиши билан юзга яқин маҳаллий ёшларнинг доимий бандлиги таъминланади.

“Бунёдкор Махсудбек файз” фермер хўжалиги томонидан амалга оширилган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллион 300 минг АҚШ доллари бўлиб, шундан 630 минг доллари хитойлик сармоядорларнинг тўғридан инвестициясидир.

Маълумот ўрнида, Наманган вилоятига шу йилнинг биринчи ярмида 2017 йилга нисбатан 15 баробардан кўп инвестиция кириб келишига эришилди. Яъни, 2017 йилда кўрсаткич 7,5 миллион АҚШ доллари, 2019 йилнинг дастлабки олти ойида эса 125 миллион АҚШ долларига етди. Йил якунида ушбу рақам 400 миллион АҚШ долларига етказиш мўлжалланмоқда.

Дарвоқе, жорий йилнинг 13-14 сентябрь кунлари Наманган шаҳрида ташкил этиладиган “XXI аср тиббиёт ва фармацевтикаси ривожида инвестициялар ва инновацияларнинг ўрни ва роли” халқаро тиббиёт форумида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан ушбу соҳаларда бизнес юритаётган ишбилармонлар ва инвесторлар иштирок этишлари кутилмоқда. Бу ўз навбатида вилоятда тиббиёт саноатининг ривожи учун муҳим катта қадам бўлади.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->