Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ҳукуматда масъул лавозимга тайинланди

Наманган вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Тоҳиржон Юлдашбаевич Рапиқов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини  ривожлантириш масалалари котибияти мудири этиб тайинланди.

Тоҳиржон Рапиқов 1974 йилда Чуст туманида туғилган. Маълумоти олий, 1996 йили Наманган саноат-технология институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1996 йилда Чуст тумани агрохизмат уюшмаси мутахассислигидан бошлаган. 

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг қайд этишича, у меҳнат фаолияти давомида, 1997-2000 йилларда Чуст тумани қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси етакчи ва бош мутахассиси, 2000—2005 йилларда статистика бўлими бош мутахассиси ва бошлиғи, 2005—2007 йилларда Чуст тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари вазифаларида иш юритган.

2007—2009 йилларда Наманган вилояти ҳокимлигининг ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари, 2009—2016 йилларда Янгиқўрғон тумани ҳокими, 2016—2019 йилларда эса Мингбулоқ тумани ҳокими  лавозимларида ишлаган.

Тоҳиржон Рапиқов 2019 йил март ойидан буён ҳозирги кунга қадар Наманган вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритиб ишлаб келаётган эди.
“Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий портали жамоаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини  ривожлантириш масалалари котибияти мудири этиб тайинланган Тоҳиржон Юлдашбаевич Рапиқовга масъулиятли вазифада олиб борадиган эзгу ишларида мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

© namangan24.uz

--> -->