Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. 

Фармонга мувофиқ, Молия вазирлиги ҳузурида Инқирозга қарши 10 триллион сўм ҳажмдаги жамғарма тузилди.

Коронавирусга қарши курашиш ишларига қарийб 5,5 минг нафар тиббиёт ходими жалб этилган. Уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб, ойлик маошига қўшимча 120 фоиз устама тўлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Пандемия сабабли фаолиятини тўхтатган тадбиркорларга банклар орқали фоизсиз бюджет ссудалари ажратилади. Ҳокимларга иқтисодий қийинчиликка дуч келган корхоналардан маҳаллий солиқларни ундиришни 6 ойгача кечиктириш ваколати берилади.

Якка тартибдаги тадбиркорларнинг даромад солиғи, фермерларнинг сув солиғи 50 фоизга камайтирилади. Бунда маҳаллий бюджетдаги йўқотишлар республика бюджетидан қоплаб берилади.

Карантинга ёпилган муассасалар ходимлари, карантиндаги фуқаролар ва уларга қаровчиларнинг ҳуқуқлари таъминланади, ижтимоий нафақа олувчилар сони камида 10 фоизга ёки 60 мингтага оширилади.

Карантиндаги фарзандларига қараётган ота-оналарни ишдан бўшатишга мутлақо йўл қўйилмайди. Уларга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси юз фоиз тўлаб берилади.

Йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий эълон қилинади ва қийналган корхоналарга солиқ қарзлари учун пеня ҳисоблаш тўхтатилади. Бундай қийин шароитда тадбиркорни бирорта текширувчи безовта қилмайди.

Мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари фаолияти тўхтаб турган даврда тарбияланувчилар ва бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга йиллик меҳнат таътилидан фойдаланишнинг йиллик режасидан қатъи назар йиллик меҳнат таътили тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати.

© namangan24.uz

 

--> -->