Аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга молиявий кўмаклашиш, уларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш, “Маҳаллабай” ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, хусусан “Маҳалладан чиқмай туриб барча хизматлардан фойдаланиш” тамойили асосида давлат томонидан кўрсатиладиган хизматлар тақдим этилишига имкон яратиш мақсадида “Ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилмоқда.

Лавозимга қўйиладиган асосий талаблар:

Иқтисодиёт, молия, бандлик, инвестиция, солиқ, тижорат банклари ва бошқа иқтисодий ва инвестиция комплексига кирувчи бошқарма ва ташкилотларида ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмаларининг бўлим (шўъба) бошлиғидан паст бўлмаган лавозимда ишлаётган олий маълумотли, иқтисодиёт соҳасида камида 2 йил меҳнат стажига эга бўлган, маҳалланинг шарт-шароитини яхши биладиган, тадбиркорликни ривожлантириш, фуқароларнинг бизнес лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тажрибасига эга бўлган ходимлар;

Шунингдек, олдин рахбар лавозимларида ишлаган (ҳоким, ҳоким ўринбосарлари, бошқарма бошлиғи ҳамда ўринбосарлари, солиқ, тижорат банк рахбарлари) баъзи сабабларга кўра (жиноий жавобгарлик ҳолатларидан ташқари) ҳозирги кунда фаолият кўрсатмаётган ходимлар;

Ташаббускор тадбиркорлар ҳамда рахбарлик соҳасида намуна кўрсатаётган хотин-қизлар.

 “Ҳоким ёрдамчиси”нинг асосий вазифалари:

- маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, ички имкониятларини ишга солиш орқали маҳалланинг иқтисодий ўсишини таъминлаш;

- маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолининг оилавий тадбиркорлигини йўлга қўйиши учун оилавий тадбиркорлик дастури доирасида кредитлар олишга кўмаклашиш;

- маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб “етакчи” тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратишни ташкил этиш.

- маҳалладаги иш билан банд бўлмаган аҳолига субсидиялар олишга кўмаклашиш;

- маҳалладаги мавжуд бўш иш ўринларига биринчи навбатда “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га кирган ёшлар ва хотин-қизларни бўш (вакант) иш ўринларига жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш;

- доимий даромад манбаига эга бўлмаган ва ишсиз аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи ўқув марказларига йўналтириш.

-  маҳалладаги бўш бино ва ер майдонларини аниқлаб, тегишли ташкилотларга таклифлар киритиш;

- маҳалладаги тадбиркорларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлаётган муаммолар ва мурожаатларини ҳал этилишига кўмаклашиш орқали уларнинг фаолиятини кенгайтириш чораларини кўриш;

- маҳалладаги оилаларнинг моддий-ижтимоий аҳволи тўғрисидаги зарур бўлган маълумотларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот дастурига киритиб бориш.

- Ҳудудий ва инвестиция дастурларига таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда маҳалланинг ривожланишига доир дастурлар ижросини назорат (мониторинг) қилиш;

“Ҳоким ёрдамчиси”нинг мавжуд дастаклари:

 - Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ҳар бир маҳалладаги хонадонларга ва янги ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш учун кредит ресурслари лимити ихтиёри берилади.

- Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ишсиз фуқаролар учун асбоб ускуналар ва мини технологиялар харид қилишга ҳар бир маҳаллага субсидия учун купон беради.

— Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига фуқарони жалб қилиш учун ҳар бир маҳаллага купон беради.

- Ҳар бир маҳаллада фуқарони касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш учун ваучер беради.

- Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит, субсидиялар, моддий ёрдам ва нафақалар ажратиш учун хулоса беради.

- “Ижтимоий шартнома”ларни имзолаш ҳамда шартнома шартларининг бажарилишини таъминлайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Наманган вилоятининг 777 та маҳалласида “Ҳоким ёрдамчиси” лавозимига очиқ танлов эълон қилинади.

Номзод ушбу лавозимга тайинланган кундан эътиборан миллий кадрлар заҳирасига киритилиб, меҳнат фаолиятининг натижадорлигига кўра лавозим бўйича ўстириб борилади.

“Ҳоким ёрдамчиси” тизими жорий этилгандан бошлаб туман, шаҳар, вилоят, Республика раҳбар лавозимларига номзодларни тавсия этиш ва тайинлаш фақат ва фақат ҳоким ёрдамчиси лавозимида самарали меҳнат кўрсатаётган кадрлардан танлаб олинади.

Ҳоким ёрдамчисининг иш ҳақи миқдори унинг бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига қараб 4,5-5,5 млн.сўм этиб белгиланади. (танлов натижасига кўра ишга қабул қилинган шахсга аввалги иш жойидагига нисбатан кам бўлмаган миқдорларда иш ҳақи тўланади).

Мурожаат учун телефонлар:

+99869(227-30-23),

+99869(227-19-12),

+99897(257-74-40),

+ 99890(554-84-00)

 Маълумотнома (объективка) юбориш учун телеграм рақами:

+99897 (257-74-40), + 99890 (554-84-00).

Янгиликлар

--> -->