Бугун – 2020 йил 25 сентябрь куни Наманган вилояти ҳокимлиги мажлислар залида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов иштирок этдилар.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Ҳайитбоевич Бозоров бошга ишга ўтаётганлиги муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Ҳозирга вақтга қадар Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган Шавкат Шокиржонович Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.

Шавкат Абдураззоқов 1976 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 1998 йилда Наманган саноат-технология институти, 2006 йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1998 йилда Иқтисодий ночор корхоналар ишлари бўйича Наманган вилоят бошқармаси етакчи мутахассислигидан бошлаган. 2001-2015 йилларда Наманган вилояти ҳокимлиги индустрияни ривожлантириш, қурилиш ва коммуникациялар масалалари котибияти референти, Наманган вилояти Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, бошқарма бошлиғи вазифасини бажарувчи, бошқарма бошлиғи,  Вазирлар Маҳкамаси Иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаменти ҳудудларни комплекс ривожлантириш шўъбасининг етакчи мутахассиси, бош мутахассиси бўлиб ишлаган. 2015—2017 йилларда Наманган тумани ҳокими бўлган. 2017 йили Вазирлар Маҳкамаси қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаментининг мудири этиб тайинланган. 2017-2020 йилларда Наманган шаҳри ҳокими лавозимида фаолият юритган.

2020 йил 5 мартдан то шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётганди.

Шавкат Абдураззақов 2020 йил 25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

“Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий портали жамоаси Наманган вилояти ҳокими лавозимида иш бошлаган Шавкат Шокиржонович Абдураззоқовга масъулиятли вазифада олиб борадиган эзгу ишларида мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

© namangan24.uz

--> -->