Зуҳриддин Баҳриддинов вилоят ҳокимининг 2020 йил 13 июлдаги 364-сонли қарори билан Наманган вилояти молия бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У мазкур лавозимда яқинда – жорий йил 4 июнда вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари - вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган Толибжон Маҳмуджонович Юсуповнинг ўрнида иш бошлади.

Маълумот ўрнида, Зуҳриддин Баҳриддинов Баҳриддин ўғли 1985 йилда Тўрақўрғон туманида туғилган. Маълумоти олий, 2006 йили Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институти, 2008 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университети, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.

У меҳнат фаолиятини 2007 йилда Республика Халқ таълими вазирлиги молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармасида бошлаган. 2008-2017 йилларда вилоят молия бошқармасида ҳисобчи, иқтисодчи, бош иқтисодчи, бўлим бошлиғи ўринбосари ва бўлим бошлиғи вазифаларида иш олиб борган.

Зуҳриддин Баҳриддинов 2017 йилдан ҳозирги вақтга қадар вилоят молия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди, дея ёзмоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

“Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий портали жамоаси Наманган вилояти молия бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган Зуҳриддин Баҳриддинов Баҳриддин ўғлига масъулиятли вазифада олиб борадиган хайрли ишларида мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

© namangan24.uz

--> -->