Наманган вилояти ҳокимлигида муҳим кадр ўзгаришларидан бири амалга оширилди. Даврон Юнусович Тожихўжаев вилоят ҳокимлигининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари котибияти мудири этиб тайинланди.

Бу ҳақида ҳокимлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Даврон Тожихўжаев 1985 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2007 йили Фарғона политехника институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2007 йилда “Наманган электр тармоқлари” очиқ акционерлик жамиятида электрмонтёрликдан бошлаган. 2009-2019 йиллар давомида ушбу корхонада муҳандис, “Ўздавэнергоназорат” инспекцияси Наманган ҳудудий  бўлими давлат техник инспектори,  Наманган вилояти ҳокимлиги қурилиш котибияти мутахассиси, етакчи мутахассиси, Наманган шаҳар “Марказ” электр таъминоти корхонаси бошлиғи, “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акционерлик жамияти инвестиция ва лойиҳалар билан ишлаш ҳамда молия иқтисод ва электр энергиясини сотиш масалалари бўйича директори, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти электр тармоқларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи вазифаларида иш олиб борган.

Даврон Тожихўжаев янги тайинловга қадар “Ўзбекистон миллий электр тармоқлар” акциядорлик жамияти Наманган магистрал электр тармоқлари филиали директори лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

© namangan24.uz

--> -->