Толиб Маҳмуджонович Юсупов Наманган вилояти ҳокимининг 2020 йил 4 июндаги 298-сонли қарори билан вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Бу ҳақида вилоят ҳокимлигининг телеграм каналида расман хабар берилди.

Маълумот ўрнида, Толиб Маҳмуджонович Юсупов 1978 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 1999 йили Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтини (ҳозирги Наманган муҳандислик-технология институти), 2009 йили эса мазкур олийгоҳ магистратурасини тамомлаган.

У меҳнат фаолиятини 1997 йилда Наманган шаҳридаги “Дўстлик-Н” савдо-ишлаб чиқариш марказида ҳисобчиликдан бошлаган. 2000-2010 йилларда вилоят молия тизимида турли вазифаларда ишлаган. 2010-2014 йилларда вилоят ғазначилик бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 2014-2015 йилларда Наманган шаҳар молия бўлими бошлиғи, 2015-2017 йилларда вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимларида фаолият олиб борган. 2017 йилдан ҳозирги вақтга қадар Наманган вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди. 

Эслатиб ўтамиз, Наманган вилояти ҳокимининг собиқ биринчи ўринбосари Аюбхон Орифжонович Камолов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси котибияти мудири этиб тайинланганди.

“Namangan24.uz” сайти Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган  Толиб Маҳмуджонович Юсуповга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

© namangan24.uz

--> -->