Кеча - 2019 йил 28 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан мамлакат Қуролли Кучларининг жанговар тайёргарлигини оширишдаги хизматлари, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва тинчликни таъминлаш, барқарорлик ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳи Давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Қувонарлиси, давлат мукофотларига лойиқ кўрилган юртдошларимиз қаторида Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Адҳамжон Тиллаволдиев ҳам эътироф этилиб, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.

Маълумот ўрнида, Адҳамжон Тиллаволдиев  1965 йили Фарғона вилояти Тошлоқ туманида таваллуд топган. Маълумоти олий. 1986 йили Марғилон план-иқтисод техникуми, 1992 йили эса Андижон иқтисодиёт ва бошқарув институтини тамомлаган.

Солиқ тизимидаги меҳнат фаолиятини 1997 йилда бошлаган, ўтган йиллар давомида турли солиқ идораларида масъул вазифаларда самарали ишлаган Адҳамжон Тиллаволдиев 2018 йил 12 сентябрдан буён Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Наманган вилояти солиқ тизимига янги раҳбар келгач, соҳада туб ўзгаришлар амалга оша бошлади. Соҳанинг айрим ходимларидаги ўзибўларчилик, масъулиятсизлик каби иллатларга қарши курашга киришилди. Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик алоқаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудлардаги давлат солиқ инспекциялари биноларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ишчи-ходимларнинг шароитини яхшилаш, улар ўртасида ижро интизомини қарор топтириш, вилоятда солиқ ва бюджет тушумларини тартибга солиш бўйича ҳам сезиларли натижаларга эришилди.

Сўнгги 30 йил ичида биринчи маротаба, ўтган якшанбани вилоятдаги барча солиқчилар ўз уйларида оила-аъзолари бағрида ҳақиқий дам олиш куни сифатида нишонлашди. Боиси, солиқчилар қоғозда дам олиш куни саналган бозор (якшанба) куни ҳам ишга чиқишга мажбур бўлар эди. Адҳамжон Тиллаволдиевнинг саъй-ҳаракати билан тизим ходимлари меҳнат самарадорлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир ходимни якшанба куни ўз уйида бўлиш ҳақида якдил қарорга келинди.

Namangan24.uz сайти жамоаси Президентимиз томонидан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган Адҳамжон ака Тиллаволдиевни қизғин табриклаб, Яратгандан мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, хайрли ишларида улкан зафарлар, омад ёр бўлишини тилаймиз!

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->