Бугун – 2020 йил 6 март, жума куни халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига Наманган шаҳар ҳокимлигининг ахборот хизмати ахборот берди.

Сессия ишида  Президент маслаҳатчисининг ўринбосари Умар Исмоилов, Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Шу пайтгача “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси бўлиб ишлаб келган Олимжон Ботирович Исаев Наманган шаҳар ҳокими этиб тайинланди.

Маълумот ўрнида, Олимжон Ботирович Исаев 1972 йили Наманганда таваллуд топган. Маълумоти олий, Тошкент давлат аграр университети ва Наманган давлат университетини тамомлаган. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партияси аъзоси.

У меҳнат фаолияти давомида хусусий тадбиркорлик, шунингдек, Наманган шаҳридаги “Ифода агро кимё ҳимоя” корхонаси директори, Наманган вилояти фермерлар кенгаши раиси, “Мехмаш” масъулияти чекланган жамияти кузатув кенгаши раиси вазифаларида ишлаган. Олимжон Исаев 2018 йилнинг май ойидан буён “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти бошқарувига раислик қилиб келаётганди.

Олимжон Исаев вилоят ҳокимининг қарори билан Наманган шаҳар ҳокими этиб тайинланди. Мазкур қарор депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланиб, тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими Шавкат Шокиржонович Абдураззақов кеча – 2020 йил 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимига тасдиқланди.

“Namangan24.uz” сайти жамоаси Наманган шаҳар ҳокими этиб тайинланган Олимжон Ботирович Исаевга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

© namangan24.uz

--> -->