Наманган шаҳар молия бўлими мудири бўлиб ишлаб келган Музаффар Абдуғаниевич Абдуллаев Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи лавозимига тайинланди.

Мазкур тайинлов шаҳар ҳокимининг 2019 йил 1 августдаги 988-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилди.

Маълумот ўрнида, Музаффар Абдуғаниевич Абдуллаев 1984 йил 5 сентябрь куни Наманган вилояти Уйчи туманида таваллуд топган. Маълумоти олий, 2006 йил Наманган давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги – иқтисодчи. Оилали, уч нафар фарзанди бор.

Музаффар Абдуллаев меҳнат фаолиятини 2007 йили Наманган вилояти молия бошқармасида бошлиқ ёрдамчиси вазифасида бошлаган. 2007-2017 йилларда вилоят молия бошқармасида турли масъул вазифаларда иш олиб борган. У шунингдек, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларини моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси бош иқтисодчиси сифатида ҳам ишлаган.

Музаффар Абдуллаев 2017 йилдан ҳозирга қадар Наманган шаҳар молия бўлими мудири лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

“Namangan24.uz” сайти Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи этиб тайинланган Музаффар Абдуғаниевич Абдуллаевга янги масъулиятли вазифада мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

Янгиликлар

--> -->