Бундан уч йил аввал – 2017 йил 29 май куни Ўзбекистон Президентининг “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.

Айни вақтда бюронинг Наманган вилояти бошқармаси, шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан энергия ресурслари, қаттиқ маиший чиқиндилар учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр, табиий газ ва ичимлик суви тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-тарож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ҳамда олдини олиш, шунингдек суд ҳужжатлариинг ижросини таъминлаш борасида тизимли чора-тадбирлар кўриб  келинмоқда.

МИБни ташкил этилиши, электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим омил бўлди. Биргина, бу борада амалга оширилган ишларни Наманган вилояти мисолида таҳлил этадиган бўлсак, бюро ташкил этилганидан бери энергия ресурслари соҳасида жами 1 трлн. 691 млрд. сўм маблағ ундиришга эришилди. Бу кўрсаткич МИБ ташкил этилмасдан олдинги кўрсаткичга нисбатан (2015 йил ноябрь – 2017 йил май) 439 млрд. 468 млн. сўмга ёки 52,6 фоизга кўп ундирилган. Бу рақамнинг ўзиёқ соҳада йилдан-йилга тўлов интизомини мустаҳкамланаётганидан далолат. Яна бир муҳим жиҳат: ҳозирда МИБнинг бир нафар давлат инспектори таъминотчи корхоналарнинг олти назоратчисининг иш ҳажмини бажармоқда. 

Таъкидлаш жоизки, ўтган йилнинг ўзида олиб борилган тезкор тадбирлар давомида энергия ресурслари ва сув таъминоти соҳасида ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан электр, газ узатиш ва тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож қилиш, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишнинг бошқа ҳолатлар юзасидан жами 8 млрд. 980 млн. сўмлик зарар етказилгани аниқланди.

Масалан, МИБ Чуст тумани бўлими томонидан Варзигон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи хонадонларнинг бирида электр энергиясидан фойдаланиш қонунийлиги ва тўлов интизомига риоя этилиши юзасидан ўтказилган тадбирда ноқонуний ҳолат ошкор бўлди.

Аниқланишича, хонадон эгаси Т.Х гўёки ҳеч ким билмайди ёки кўрмайди деб электр ҳисоблагичдан ташқари девор орасидан яширин тармоқ тортиб фойдаланиб келади. Олиб борилган тезкор ўрганиш жараёнида истеъмолчининг бу қилмиши ошкор бўлиб, юзи шувут бўлди. Ушбу ҳаракати билан фуқаро ўғринча электр энергия тармоқларидан фойдаланиши туман электр тармоқлари корхонасига 31536 кВт соат электр энергияси, 7.884.000 сўм зарар етказди. Фуқаро амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасида назарда тутган ҳуқуқбузарлик содир этиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Фуқаронинг ноқонуний ҳатти-ҳаракати ўзига, оилавий бюджетига зарар етказиши оқибатини эртароқ тушунганида эди? Яъни, ўзбошимчалик билан тармоқдан ноқонуний фойдаланиши биринчи навбатда ҳуқуқбузарликни келтириб чиқарди. Шундай экан ҳар бир истеъмолчи энергия  ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тўловларни ўз вақтида амалга ошириши, тармоқлардан ноқонуний фойдаланмаслиги хотиржамлик гарови эканлигини яна бир бор ёдга солсак фойдадан ҳоли бўлмайди, албатта. 

Суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, маблағларни ҳаққоний ундириш ва бу борада суистеъмолчилик ҳолатларини олдини олиш  Бюронинг асосий вазифаларидан саналади. Бу йўналишда ҳам давлат ижрочиларининг ишини тўғри ташкил қилингани ҳамда соҳага замонавий ахборот коммуникация технологиялари жадал кириб боргани натижасида 2019 йилнинг ўзида шаҳар ва туманлар бўлимлари иш юритувидаги жами 258.901 та ижро ҳужжатларининг 213.422 тасини ижроси тўлиқ таъминланди. Бу кўрсаткич тизимда фаолият кўрсатиб келаётган ҳар бир давлат ижрочисига тамомланган ўртача 105 тадан ижро ҳужжатлари тўғри келди.

Алимент ундирувлари билан боғлиқ ишларга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бу йўналишда амалга оширилган ишларни таҳлил этадиган бўлсак, 2019 йилнинг ўзида 43.865 та алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжжатлари ижроси юзасидан ундирувчиларга 2,5 млрд. сўм алимент маблағлари ундирилишга эришилди. Шунингдек, Ҳукуматнинг 808-сонли қарорига асосан 352 нафар алимент тўловчиларимиз ўз фарзандларини вояга етгунча бўлган суммаларни тўлаб қўйишди ва ижро ҳужжатлари амалда тамомланди.

МИБ вилоят бошқармаси, шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан мурожаатларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилган. Таҳлилларга кўра бюро ташкил этилгандан бери бошқармага келиб тушган 8.456 та мурожаатдан 7.527 таси белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Уларнинг 3.064 таси қаноатлантирилди, 140 таси рад этилди. 4.311 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди, 67 таси тегишлилиги бўйича бошқа идора ва ташкилотларга юборилди. Ушбу мурожаатларни ўрганиб чиқиш жараёнида 3.114 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, уларга 6 млрд. 200 млн. сўмдан ортиқ пул маблағлари ундириб берилди. 3.000 нафар қарздорнинг иш жойига қарздорликни иш ҳақига қаратиш юзасидан талабнома юборилиб,  16.737 нафар шахсларнинг четга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланди.

Асосийси шундаки, ўтган қисқа муддат ичида ижро интизоми мустаҳкамланиб, истеъмолчиларнинг тўлов маданиятини янада ошгани соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.

Элёр Жўраев,

МИБ Наманган вилояти бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.

© namangan24.uz

--> -->