Айни кунларда Наманган вилояти ҳокимининг инвестициялар, инновацион, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Юнусов бошчлигидаги тадбиркор доираларидан иборат делегация Ҳиндистонда бўлиб турибди.

 

Бу ҳақида Ўзбекстон миллий ахборот агентлиги хабар берди.

 

Ташриф Ҳиндистоннинг йирик молия ва бизнес маркази ҳисобланган Мумбай шаҳридаги етакчи компаниялар билан музокаралар билан бошланди. Мумбай Жаҳон савдо маркази биносида Наманган вилояти иқтисодий салоҳиятига бағишланган бизнес-форум ўтказилди. Мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси, вилоят ҳокимлиги, Ҳиндистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда ҳинд компанияларининг 150 дан зиёд вакиллари, тадбиркорлар иштирок этди.

 

 

Тадбир қатнашчиларининг асосий қисмини Мумбай шаҳри ва Махараштра штатида жойлашган фармацевтика, соғлиқни сақлаш, тўқимачилик, кимё саноати, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, машинасозлик, қурилиш, туризм ва бошқа йўналишлардаги компаниялар вакиллари ташкил қилди. Форумда Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан вилоятимизнинг иқтисодий салоҳияти, инвестицион жозибаси ҳақида тақдимот ўтказилди.

 

Бундан ташқари, “Косонсой-Фарм” эркин иқтисодий ҳудуди вакиллари ҳудудда хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар бўйича атрофлича ахборот берди.

 

Форумнинг иккинчи қисмида В2В форматда учрашувлар ўтказилди. Унда соғлиқни сақлаш, фармацевтика, тўқимачилик, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ва бошқа қатор йўналишлар бўйича келишувларга эришилди.

 

Вилоят делегациясининг Ҳиндистонга сафари давомида Маҳараштра штатида жойлашган махсус иқтисодий ҳудудлар фаолияти билан танишиш, Гужарат штати ва Деҳли шаҳрида икки томонлама учрашувлар ўтказиш, ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюриш кўзда тутилган.

© namangan24.uz

--> -->