Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори Ботир Қудратхўжаев Наманган вилоятида икки кун давомида сайёр қабул ўтказди.

Бу ҳақда “Namangan24.uz” сайтига МИБ Наманган вилояти бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хусусан, Бюронинг Наманган тумани бўлими биносида Наманган шаҳри, Чортоқ, Учқўрғон, Уйчи, Наманган ва Норин туманлари аҳолиси ҳамда юридик шахсларнинг соҳага оид муаммолари, таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, уларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.

Масалан, туманнинг Фаровон маҳалласида яшовчи фуқаро М.Аҳмадалиеванинг яшаш хонадонидаги электр энергиясидан келиб чиққан қарздорлик масаласида йўллаган мурожаатига шу ернинг ўзида ечим топилди. Яъни, бир кун муддатда қарздорликни аниқ ҳисоб китоб қилиш ва ижобий ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берилди.

Сайёр қабулнинг биринчи кунида аҳолининг алимент, суд ижро ҳужжатлари, энергия ресурсларидаги қарздорликни аниқ ҳисоб китоб қилиш ҳамда Бюро органларига ишга жойлашиш каби 11 та мурожаат тингланди.

Бюро директорининг Наманган вилоятидаги навбатдаги сайёр қабули МИБ Чуст тумани бўлими биносида Поп, Мингбулоқ, Тўрақўрғон, Янгиқўрғон, Чуст ва Косонсой туманлари аҳолиси учун бўлди.

- Бугунги ўтказилган сайёр қабулда Сирдарё вилоятида жойлашган "Меридиан Ҳамкор савдо" фирмасидан 91 миллион қарздорликни ундириш юзачидан мурожаат йўлладим, - дейди Акмалжон Муқимов. - Мурожаатим Бюро директори томонидан тингланиб, ижобий ҳал этилиши юзасидан мутасаддиларга кўрсатма берилди, ижроси алоҳида назоратга олинди. Бунинг учун катта раҳмат.

Шуниншдек сайёр қабул давомида фуқаро Ўғилхон Умарова Мажбурий ижро бюроси Чуст тумани бўлими давлат ижрочилари томонидан қарздорлик ундириб берилгани юзасидан ташаккурнома билдирди.

Асосийси, Бюро директори томонидан ташкил этилган сайёр қабул давомида жами 17 нафар фуқаронинг мурожаатлари эшитилди. Хар бир кўтарилган муаммолар, мурожаатлар тингланиб, Муддат талаб этиладиганлар юзасидан тегишли топшириқлар берилди, ижроси қатъиий назоратга олинди.

© namangan24.uz

Янгиликлар

--> -->