Юртимиз аҳолиси сони ортиб бориши билан бир қаторда унинг меҳнат бандлигини таъминлаш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этади. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг айнан ишсизлик муаммосини ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлари бу борада қатор ижобий натижалар бермоқда. Айниқса, ишсиз ёшларни иш ўринлари билан таъминлашга йўналтирилган ишлар ҳақида алоҳида тўхталиш мақсадга мувофиқ.

Хусусан, ушбу йўналишда мамлакатимиз етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан Президент Халқ қабулхоналари бошчилигида жойларда сектор раҳбарлари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси амалга оширилиб келинмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида 2020 йилнинг биринчи чораги натижаларига кўра, ёшларга республика бўйича 25 мингдан зиёд гектар ер майдонлари ажратилди. Жумладан, 1 277 га. сабзавот, 1 787 га. полиз, 10 296 га. дуккакли экинлар, 7 727 га. бошоқли дон экинлари ва 391 га. картошка экиш учун, 3 866 га. эса боғ яратиш учун ажратиб берилди.

Ёшларга бириктириб қўйилган кооперация ва кластер ёрдамида ерлар шудгор қилинган ҳолда жами 4 мингга яқин гектар майдонга сабзавот, полиз, дуккакли экинлар, бошоқли дон экинлари ва картошка уруғлари қадалди, 335 минг туп мевали ва 135 минг туп манзарали дараҳтлар экилди.

Мисол учун, Андижон вилоятида лойиҳа асосида 2 мингга яқин ёшларнинг ҳар бирига ўртача 21 сотихдан жами 400 гектар экин ер майдони ажратилиб берилди. Ҳозирда жойларда иссиқхоналар ташкил этилиб, барча ерларга турли ҳил сабзавот экинлари, мевали ва манзарали дарахтлар экилиб, парвариш қилинмоқда. Яқин кунларда экинлар ҳосилга киради.

Ўз ўрнида шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, республика бўйлаб тижорат банклари томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, жами 5719 та лойиҳа учун 247,6 млрд сўмлик имтиёзли кредит ажратилди.  Ҳар бир лойиҳага ўртача 43,3 млн сўмдан тўғри келади.

Албатта, юқоридаги каби саъй-ҳаракатлар замирида ҳукуматимиз томонидан ҳар қандай вазиятда ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш ва шу билан юртдошларимиз турмуш тарзини ва фаровонлигини янада ошириш сингари мақсадлар ётибди. Бугунги синовли кунларда ҳам Президент Халқ қабулхоналари бошчилигида бу борада амалий ишлар тизимли равишда давом этяпти. Бу эса истиқболда халқимиз осуда ҳаётга қайтганидан сўнг иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш, экспорт салоҳиятини ошириш сингари долзарб масалалар ҳам ҳал этилиши кўзда тутилаётганидан дарак беради.

Мансур Абдусатторов.

© namangan24.uz

--> -->