“Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акционерлик жамияти томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Матбуот анжумани аввалида корхона бош директори Жаҳонгир Риззаев ўтган 2019 йил мобайнида жамият томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маъруза қилди.

Маълумот ўрнида, “Наманган ҲЭТК” АЖ томонидан 2019 йил мобайнида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. “Обод маҳалла” дастурларига асосан вилоят бўйича 188 дона трансформатор пунктлари ўрнатилди. 349,3 км узунликда тармоқ тортилди. Ушбу қурилишларни амалга оширишда 9657 дона темир бетон таянчлар ўрнатилди.

2019 йил давомида 1211,4 км 0,4-110 кВли ЭУТ тармоқ, 74 дона 35-110 кВли ўчиргичлар, 6 та 35-110 кВли нимстанция, 5 та 110 кВли куч трансформатори, 537 дона 6-10/0,4 кВли тарсформатор пунктлари ҳамда 282 дона Тармоқ трансформаторлари мукаммал таъмирланди. Амалга оширилган мукаммал таъмирланган ишлари “Ўзэнергоинспекция” давлат инспекцияси Наманган ҳудудий бўлими кўригидан ўтказилди.

2019 йилдан бошлаб “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятига темир бетон таянчларни жамиятимиз қошида ташкил этилган “Темир бетон таянч” масъулияти чекланган жамияти томонидан етказиб бериш йўлга қўйилди. Ҳозирда корхонада 25 та янги ишчи ўрни яратилган. Корхонанинг кунлик ишлаб чиқариш қуввати 56 донани бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш қуввати эса 18000 дона темир бетон таянчни ташкил этади.

Корхонанинг ишга туширилиши натижасида жамиятнинг таянчга бўлган эҳтиёж тўла қопланди. Авваллари темир бетон таянчларни етишмаслиги, талаб қилинган муддатга ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан етказиб беришда муаммолар келиб чиқиши, узоқ масофадан ташиб келинганда ортиқча харажатлар юзага келар эди. Бугунги кунга келиб бу муаммолар тўлиқ бартараф этилган. Шунингдек, жамият қошида темир бетон таянчлар ишлаб чиқарилиши ҳисобига йил давомида 6,1 млрд. сўм маблағ тежаб қолишга эришилди. Бундан маҳаллий бюджетга 796 млн. сўм солиқ тўланди.

Фуқаролар томонидан 2019 йил давомида “Наманган ҲЭТК” АЖга 3148 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, булардан 3146 таси ижроси таъминланган. Ҳозирда булардан 2 таси ҳал этиш жараёнида.

Корхона раҳбарининг маърузасидан сўнг журналистларнинг кўплаб очиқ ва баҳсли саволларига жавоб берилди. Мутасаддилар охирги кунларда электр таъминотида рўй бераётган узилишларга Наманган вилоятининг бир кунлик истеъмоли 14 млн. 700 кВт миқдорида эканлиги, бироқ айни пайтда Марказий энерготизимда 12 млн. 500 кВт энергия берилаётгани истеъмолчиларга электр етказиб беришда муаммолар туғдираётганини билдирдилар.

Бундан ташқари, анжуманда маҳаллий журналист ва блогерлар аҳоли томонидан электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган “АСКУЭ” тизими бўйича ўрнатилган ҳисоблагичларнинг ишлашидан норози бўлаётгани ҳақида ҳам саволлар бериб, бу ҳақида аниқ жавоб олишди.

Тадбир якунида жамият томонидан амалга оширилаётган ишларни кенг ёритишда яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган журналист ва блогерларга ташаккурономалар топширилди.

“Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акционерлик жамияти матбуот хизмати.

© namangan24.uz

--> -->