Мамлакатимиз ҳудудига кириб келиши мумкин бўлган ҳар қандай маҳсулот ёки буюмлар давлатимиз чегарасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг доимий диққат марказида бўлиб келади. Аммо бу ўткир ҳақиқатни айримлар ҳамон тушиниб етмаётганликларидан ачиниб кетасан киши.

Яқинда Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари хизматчиларининг ҳушёрлиги натижасида Наманган вилоятининг Чортоқ тумани Қумробод қишлоғининг қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегараси орқали ноқонуний ўтказишга мўлжалланган кўп миқдордаги диний адабиётлар ва маиший техника воситалари тўхтатиб қолиниб, қўлга олинди.

Маълум бўлишича, Қуръони карим, “Муқаддас дуолар”, “Мустажоб дуолар” китоблари Қирғизистон ҳудудида қонунга хилоф тарзда чоп этилган. Юртимиз бозорига олиб киришга уринилган яна бир буюм эса – “Авангард” русумли 2 дона музлатгича бўлиб, унинг умумий қиймати 20 миллион сўмни ташкил этади.

“Шаҳар бедарвоза эмас”лигини унутиб қўйган давлат чегараси бузғунчилари саналган тўрт нафар шахсга нисбатан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

© namangan24.uz

--> -->