Чуст туманига янги ҳоким тайинланди
Наманган вилоятининг Чуст тумани ҳокими ўзгарди.
Бу ҳақида “Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий порталига туман ҳокимлигидаги манба хабар берди.
Наманган вилояти ҳокими қарори билан Бекзод Исмоилжонович Ҳамдамов Чуст тумани ҳокими этиб тайинланди. 2016 йилдан буён Чуст туманига ҳокимлик қилиб келаётган Баходир Жўраевич Охунов ўз лавозимидан озод этилган.
Маълумот ўрнида, Бекзод Исмоилжонович Ҳамдамов 1979 йил 31 октябрь куни Мингбулоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, 2001 йили Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институти (ҳозирги Наманган муҳандислик-технология институти), 2008 йили Давлат Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Солиқ академиясини тамомлаган. Мутахассислиги: молиячи, солиқ-иқтисодчи.
Меҳнат фаолиятини 2003 йилда Мингбулоқ тумани давлат нав синаш участкасида бош ҳисобчиликдан бошлаган. 2003-2015 йиллар давомида Мингбулоқ тумани давлат солиқ инспекцияси, Мингбулоқ тумани ҳокимлигида турли масъул лавозимларда фаолият юритган. 2015-2017 йилларда Мингбулоқ туманидаги “Момохон Олтин чашмаси” фермер хўжалиги раҳбари, 2017-2018 йилларда Наманган вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, 2018-2019 йилларда Наманган вилояти ҳокимлигининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари котибияти мудири, 2019-2020 йилларда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари лавозимларида иш олиб борган.
Бекзод Ҳамдамов 2020 йил бошидан ҳозирги кунга қадар Мингбулоқ тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритиб келаётганди.
“Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий портали жамоаси Чуст тумани ҳокими этиб тайинланган Бекзод Исмоилжонович Ҳамдамовга масъулиятли вазифада олиб борадиган хайрли ишларида мустаҳкам саломатлик, куч-ғайрат, шижоат ва улкан зафарлар тилайди.
Оқилхон Дадабоев,
© namangan24.uz